Abstract
ХХ асрнинг 80-йилларида собиқ Иттифоқ таркибидаги Ўзбекистонда халқ
хўжалигининг барча соҳаларини қамраб олган инқироз кучайиб кетди. Ушбу
инқироз республиканинг барча ҳудудларини қамраб олган бўлиб, у айниқса
Фарғона водийси вилоятларида кескин тусда намоён бўлди. Мазкур даврдаги
танглик ҳолатининг туб сабаб ва илдизлари совет ҳокимияти томонидан
иқтисодий тараққиётнинг объектив қонуниятларига зид равишда олиб борилган
сиёсат билан бевосита боғлиқ эди. Нафақат иқтисодий, балки ижтимоий-миллий
сиёсатдаги адолат тамоилининг бузилиши, бир ёқлама шовинистик сиёсат
ижтимоий-иқтисодий, экологик ва бошқа қатор соҳаларда танглик ҳолатини
келтириб чиқарди. Бу жараён аҳоли зич жойлашган Фарғона водийсида айниқса
кескин тус олди.